Тошкент вилоятида “Оммавий ахборот воситаларида суд органлари фаолиятини масъулиятли ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий маҳоратини ошириш” мавзусида учун уч кунлик тренинг бошланди.
Журналист ва блогерлар учун мўлжалланган тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” ННТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тренингдан кўзланган мақсад суд жараёнларини ёритишда журналист ва блогерларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолияти ёки муайян суд ишини ёритиш соҳасида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Тадбир давомида малакали ва тажрибали мутахассис ҳамда медиатренерлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятини ёритиш амалиётининг таҳлили, «адоват тили» тушунчаси, зўравонликка оид масалаларни ёритишда одоб-ахлоқ ва масъулият, аҳолининг судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашда 2023-2026 йилларга мўлжалланган Суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси, суд органларининг жамоатчилик билан мулоқот олиб боришнинг ҳуқуқий асослари юзасидан атрофлича маълумот берилади.
Бундан ташқари, тренинг иштирокчилари ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши самарали курашишнинг омиллари, ОАВ ва журналистларнинг одил судловни ёритишга эришиш имкониятлари, гендер зўравонлигини ёритишнинг ахлоқий жиҳатлари, медиа маконда мавжуд гендер қолипларни бартараф этиш йўллари, журналист текшируви олиб бориш ва таҳлилий материал тайёрлашнинг ўзига хосликлари каби мавзулар бўйича атрофлича фикр алмашадилар.