12—13 октябрь кунлари Тошкент вилоятида ҳудудий ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар учун “Сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги: ҳуқуқий ва ахлоқий чегаралар” мавзусида тренинг бўлиб ўтди.
Икки кунлик интерактив машғулотлар давомида “New Media Education Center” ННТнинг малакали тренерлари, юристлар ҳамда халқаро эксперт “Сўз эркинлиги VS шахсий ҳаёт дахлсизлиги”, “Сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги: халқаро тажриба”, “ОАВ қонунчилиги: ҳуқуқ ва мажбуриятлар чегараси қаердан ўтади?” каби масалаларга асосий эътиборни қаратди.
Таъкидлангандек, ахборот замонида журналист касбининг вазифаси ҳам, моҳияти ҳам ўзгариб бормокда. Бир пайтлар журналист ахборот тайёрловчи, узатувчи ва одамларни воқиф қилувчи шахс эди. Энди эса у жараёнлар суръатига таъсир ўтказувчи, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи ва бошқарувчи вазифасини бажара бошлади. Интернет тармоғининг ривожланиши ва ахборотнинг тезкор тарқалиши туфайли журналистнинг кичкина хатоси алоҳида бир шахснинг ёки бутун бошли давлатнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Катта нашрларда эълон қилинган нотўғри маълумотлар туфайли қимматбаҳо қоғозлар бозорида нархлар тушиши, журналист томонидан етказилган нохолис ахборот сабаб бегуноҳ инсонларнинг жазоланиши, афсуски, тез-тез учраб турибди.
Энди ахборот ҳам шунчаки ахборот эмас, балки кучли бир қуролга айландики, ахборот хуружи, ахборотуруши каби атамалар пайдо бўлди. Ушбу урушнинг асосий аскарлари эса журналистлар бўлиб қолдилар.
Журналист ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилигига масъул экани ҳаммага маълум. Аммо нима учундир замонамиз медиа-майдонида “тоза ахборот”ни топиш тобора мураккаблашиб бормоқда.
Журналист инсоннинг шахсий ҳаётига дахл қилмаслиги, унинг шаъни ва обрўсига путур етказмаслиги, қонун билан белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда айнан шу қонун билан зиммасига юклатилган мажбуриятларни ҳам ҳис қилиши, бир сўз билан айтганда, сўзга масъулият билан муносабатда бўлиши унинг профессионализмини белгиловчи асосий хусусиятлардан биридир.
Кичик гуруҳларда иштирокчилар жамоатчиликнинг турли гуруҳлари учун ахборотни тақдим этиш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар учун контент тайёрлаш ва унинг сифати, фейк хабарларни аниқлаш ва фактчекинг воситаларини қўллаш усулларини ўрганишди.
Шунингдек, иштирокчилар ҳуқуқий манбалар (lex.uz, advice.uz, legaltech) билан ишлаш масалаларини кўриб чиқди. Журналист ва блогерлар учун “Huquqiy quest” интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди.
Бўлиб ўтган тренинг нафақат билим олиш ва кўникмаларни ошириш, балки ўзаро фикр, тажриба ва ғоя алмашиш майдонига айланди.
Маълумот учун: ушбу тренинг Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр Фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.