12—13 октябрь кунлари ҳудудий адлия органлари ва муассасаларида фаолият юритувчи жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходимлари учун давлат органларининг очиқлигини таъминлаш ва аҳоли билан самарали муолоқотни йўлга қўйиш борасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тренинг ташкил этилди.
Таъкидлангандек, оммавий воситалар жамиятимизнинг кўзгусидир. У камчилик ва нуқсонлар, иллатларга қарши кураша оладиган, том маънода ҳатто “ҳокимиятнинг ҳар учала бўғини”га муносабат билдира оладиган минбардир. Зеро, давлат органларининг очиқлигини таъминлашда, жамиятда шаффофликнинг ўрнатилишида ОАВнинг ўрни нечоғлик муҳимлигини даврнинг ўзи намоён этмоқда.
Боиси Адлия вазирлиги жамоатчилик назорати ва замонавий технологияларидан фойдаланиш, фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим омил эканлигини яхши англайди. Бу шунингдек фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончини оширишда муҳим.
Икки кунлик интерактив машғулотлар давомида “New Media Education Center” ННТнинг малакали тренерлари, медиаэкспертлар ва кўп йиллик тажрибага эга журналистлар давлат органлари фаолиятини ахборот билан таъминлашда матбуот хизматининг ўрни, мазкур фаолиятни олиб боришда замонавий технологиялардан фойдаланишнинг аҳамиятига асосий эътиборни қаратди.
Кичик гуруҳларда иштирокчилар жамоатчиликнинг турли гуруҳлари учун ахборотни тақдим этиш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар учун контент тайёрлаш ва уларни юритиш, онлайн мулоқотни олиб бориш усулларини ўрганишди.
Бўлиб ўтган тренинг нафақат билим олиш ва кўникмаларни ошириш, балки жамоа бўлиб ишлаш, ўзаро фикр, тажриба ва ғоя алмашиш майдонига айланди.
Маълумот учун: ушбу тренинг Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр Фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.